Navoiy TTS моделини чиқарган кунимиз дастурчилар уни дарров синаб кўришган эди. Бугун Sado ASR v1 моделидан эрта фойдаланиш учун аризалар қабул қилишни бошлаяпмиз. Navoiy TTS моделимиз гапиради, Sado ASR v1 моделимиз эса эшитади. Сиз ёзув юборасиз, модел эшитганини матнга айлантиради.
Асос сифатида OpenAI’нинг Whisper large-v3 моделини олдик. Уни ўқитишда ўзбек, инглиз ва рус тилларига алоҳида эътибор бердик. Модел картасида ҳозир ўзбек тилидаги нутқни таниш ҳужжатлаштирилган. Биз 33 тилда нутқни таниш устида ишлаяпмиз ва илк босқични ўзбек тилидан бошлаяпмиз.
Нега Садони ҳозирдан улашяпмиз?
VoiceLab жамоаси сунъий интеллект бўйича илмий тадқиқотлар олиб боради. Ўзбек тилига ҳисса қўшиш ҳам бизнинг алоҳида бурчимиз. Интернетдан топадиган ўзбекча материалларнинг кўпи адабий тилда бўлади. Бир сўз эса турли жойларда турлича айтилади. Биз моделлар шу фарқларни яхшироқ танишини истаймиз. Сиз Садони ўз ёзувларингизда синаб кўрсангиз, ўз синовларимизда учрамаган хатоларни ҳам билиб оламиз.
Sado ASR v1 аслида қандай ишлайди?
Юқорида Садо эшитади дедик. Сиз аудио юборасиз, Садо эса сизга матн қайтаради. Шу орада нималар бўлади? Келинг, буни бирма-бир кўриб чиқамиз.
- Аудио фойдаланувчидан ҳам, бошқа дастурдан ҳам келиши мумкин. Дастур WAV каби файлни очиб, ичидаги овоз тўлқинини рақамлар кетма-кетлиги шаклида ўқийди. Агар ёзув стерео бўлса, иккита канални биттага бирлаштириш мумкин.
- Биз аудиони 16 kHz га мослаймиз. Яъни овознинг бир сониясини 16 мингта қиймат билан ифодалаймиз. Ёзув узун бўлса, дастур уни бўлакларга ажратиши мумкин. Кейин ҳар бир бўлакни таҳлил қилиш учун ундан анча қисқа оралиқларни оламиз. Улар бир-бирининг устига тушади. Шу оралиқларни кадр деймиз.
- Спектрограммани овознинг расми деб тасаввур қилинг. Чапдан ўнгга вақт ўтади. Пастда паст частоталар, тепада юқори частоталар туради. Ҳар бир катак ўша пайтда шу частота оралиғидаги товуш қанчалик кучли бўлганини кўрсатади. Whisper large-v3 учун бундай расм 128 та частота оралиғидан тузилади. Техник номи log-Mel спектрограмма.
- Шу ерда модел ишга киришади. Унинг энкодер деган қисми спектрограммани ўқиб, ундаги маълумотни моделнинг кейинги қисми ишлата оладиган шаклга келтиради. Бир товушни танишга ёнидаги товушлар ҳам ёрдам беради.
- Декодер матннинг кейинги токенини тахмин қилади. Токен бутун сўз, сўзнинг бир қисми ёки тиниш белгиси бўлиши мумкин. Шу иш токенма-токен давом этади. Уларни бирлаштирсак, сиз экранда кўрадиган матн ҳосил бўлади.
Моделни ўқитишда нима қийин?
Битта аудиони олайлик. Унда одам нима деган бўлса, ёнидаги матнда ҳам айнан шу гап ёзилиши керак. Ўқитиш пайтида модел кейинги токенни тахмин қилади. Шу тахминни тўғри матн билан солиштириб, моделнинг параметрларини янгилаймиз. Шу ишни кўп ёзувларда такрорлаймиз. Ўзбек шеваларига ёки ёзувлари кам тилларга келганда, турли одамларнинг овозини топиш ва ҳар бир ёзувни аниқ матнга кўчиришнинг ўзи анча вақт олади.
Кейин синов бошланади. Модел бир сўзни қайта-қайта хато ёзса, аввал ёзувнинг ўзини тинглаймиз. Одам сўзни қандай айтган? Атрофда шовқин борми? Текшириш учун ёзилган матннинг ўзи тўғрими? Ўша сўзни бошқа ёзувларда ҳам текширамиз. Шундан кейин қаерда ва нима сабабдан адашаётганини тушуниш осонроқ бўлади.
VoiceLab’да шу жараённи яхшироқ тушунишга ҳаракат қиляпмиз. Қайси босқичда хотирани тежаш ёки ҳисоблашни камайтириш мумкинлигини билсак, бундай моделларни кичикроқ қурилмаларда ҳам ишлатишга яқинлашамиз.
Моделдан фойдаланишга қандай ариза бераман?
Hugging Face ҳисобингизга киринг ва модел саҳифасидан ариза юборинг. Ҳар бир аризани алоҳида кўриб чиқамиз. Ҳозирча модел нотижорат тадқиқотлар ва шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган. Аризангиз тасдиқлангач, Hugging Face CLI орқали ўша ҳисобга киринг ва модел файлларини юклаб олинг. Hugging Face’да ариза юбориш
hf auth login
hf download aisha-org/sado-asr-v1 --local-dir ./sado-asr-v1Модел картасида Python мисоли бор. Мисолдаги model_dir қийматига моделни юклаган папкангизни, audio_path қийматига аудиофайлингиз манзилини ёзинг. Аввал яхши биладиган, 30 сониядан ошмайдиган ўзбекча WAV ёзувини олинг. Кейин ўз шевангиздаги ёзувни ҳам синаб кўринг. Sado ASR v1 модел картаси
Садо қаерда адашиши мумкин?
Баъзан Садо исмни хато ёзади, баъзан бир сўзни ташлаб кетади. Атрофда шовқин бўлса, бир неча киши бир пайтда гапирса ёки суҳбат орасида тил алмашса, хатолар кўпайиши мумкин. Исм, рақам ёки вақт муҳим бўлса, ёзувнинг ўша жойини яна бир марта эшитинг.
Хулоса
Садони синаб кўрсангиз, аудиода нима дейилганини ва модел нима ёзганини бизга айтинг. Айниқса, ўз шевангизда қайси сўзларни хато ёзгани бизга қизиқ. Синаб кўрганингиз учун раҳмат.